ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
19 ноябрь coaт 15:00 га қадар 63 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 70 921 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг: Қорақалпоғистон Республикасида 1 нафар, Бухоро вилоятида 3 нафар, Қашқадарё вилоятида 8 нафар, Сурхондарё вилоятида 6 нафар, Тошкент вилоятида 10 нафар, Тошкент шаҳрида 35 нафар, коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган..
Соғайиш кўрсаткичи
Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 68 123 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 96 фоиз.
Айни пайтда 2 196 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Коронавирусга чалинган 1 нафар бемор вафот этди.
Ўзбекистонда жами 602 киши пандемия қурбони бўлди.
Қўшнига ёрдам
Ўзбекистон 18 ноябрь куни Қирғизистонга навбатдаги гуманитар ёрдамни — 200 койка-ўринга мўлжалланган ихтисослаштирилган шифохона контейнерларини юборди.
Патент
Мигрантларнинг Россия ҳудудида бўлиб туришларига рухсат коронавирус пандемияси якунига қадар узайтирилиши мумкин, деб хабар қилди РФ инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова.
"Агар пандемия давом этадиган бўлса, ички ишлар вазирига у бизни пандемия якунига қадар қўллаб-қувватлашини сўраб мурожаат қилишга қарор қилдик", - деди у.
Бундан ташқари, омбудсман чет эллик фуқароларга ҳуқуқий амнистия эълон қилишни таклиф этди.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 56,2 миллиондан ошди, 1,3 миллиондан ортиқ киши вафот этди, 36,1 миллиондан ортиқ киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (11,5 млн), Ҳиндистонда (9,0 млн), Бразилияда (5,9 млн).