ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. ТИВ Қозоғистонда Ўзбекистон фуқароси меҳнат қуллигида ушлаб турилгани ОАВларда тарқалган хабар юзасидан баёнот берди.
Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаросининг меҳнат қуллигида ушлаб турилгани тўғрисида оммавий ахборот воситаларида хабарлар тарқалгани муносабати билан Ақтау шаҳридаги Бош консулхонаси қуйидагиларни маълум қилади.
"Ақтўбе вилояти полиция департаменти маълумотларига кўра, Қозоғистон ҳудудида ноқонуний равишда бўлган шахсларни топиш бўйича режали тадбирлар давомида 1962-йил 2-майда туғилган Ўзбекистон Республикаси фуқароси М.Б. аниқланган. Унинг иш берувчисига нисбатан Қозоғистон Жиноят кодексининг 128-моддасида кўзда тутилган “Одам савдоси” бўйича жиноят иши қўзғатилган.
М.Б. Қозоғистонга 1996-йилда келган, 2004-йилда доимий яшаш рухсатномасини олган ва Қозоғистонда мунтазам яшайди.
Ҳуқуқни муҳофаза қиливчи органлар вакиллари билан суҳбат чоғида М.Б. ҳозирги иш берувчисига нисбатан шикояти йўқлигини, иш, яшаш ва иш ҳақи шартлари ўзини қониқтиришини, Ўзбекистонга қайтиш нияти йўқлигини ва Олмаота шаҳрига, Қозоғистон фуқароси бўлган қизининг уйига кўчиб ўтишни режалаштираётганини билдирди.
Жиноий иш аломатлари йўқлиги ва меҳнат қуллиги фактлари тасдиқланмагани муносабати билан қўзғатилган жиноият иш ёпилди", - дейилган ТИВ баёнотида.