ТОШКЕНТ, 15 ноя — Sputnik. Россия ҳукумати айрим мигрантлар учун чегарани очишга тайёр. Бу ҳақда Россия бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин брифингда айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, пандемия даврида қурилиш соҳасида ишчи кучининг етишмовчилиги юзага келган - меҳнат мигрантларининг бир қисми уйига кетган ва Россияга қайтиб кела олмаяпти.
"Кўплаб мигрантлар қурилиш майдонларида ишлайди. Чекловлар киритилгандан сўнг, уларнинг бир қисми мамлакатни тарк этди, уйларига кетишди, лекин қайтиб кела олмаяпти. Шу сабабли, мамлакатимизда меҳнат ресурслари этишмаслиги муаммоси ҳақиқатан ҳам кучайиб бормоқда", - деди бош вазир ўринбосари.
Энди ҳукумат бу муаммонинг ечимини қидирмоқда: Россия ҳукумати мигрантларнинг қурилиш майдончаларида ишлаши учун мамлакатга киришига рухсат бермоқчи. Бундан ташқари, бу тажриба аллақачон мавжуд.
""Вахтовик"ларни маълум қурилиш майдончаларига олиб келиш керак бўлганда бир қатор корхоналарда бундай тажриба мавжуд эди. Биз шундай қарорларни қабул қилардик, барча чоралар кўрилиб, карантинга риоя қилинган. Тиббий кўрик, барча таҳлиллар - ҳаммаси иш берувчиларнинг ҳисобидан. Ва одамлар олиб келинган", - деди у.
Хуснуллиннинг қўшимча қилишича, давлат кўмаги туфайли Россияда қурилиш майдонлари тобора кўпайиб бормоқда, аммо ҳозирда одамларнинг етишмовчилиги кескин сезилмоқда.