ТОШКЕНТ, 14 ноя - Sputnik. Ўзбекистон – Жанубий Корея: икки давлатда ҳам пандемия шароити яхшиланиши билан авиарейслар тикланади, деб хабар бермоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
Агентлик бошлиғи М.Маматхонов, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси консулининг биринчи котиби Хо Ин Cу ва Корея Инсон ресурсларини ривожлантириш хизматининг Ўзбекистондаги "EPS" маркази директори Сонг Санг Жинг ўртасида учрашув ташкил этилган.
Учрашувда жорий йил январь ойидан бошлаб Корея Республикасидаги корхонасидан меҳнат таътили олиб, Ўзбекистонга келган фуқароларимизни ушбу давлатдаги иш жойига қайиб боришини таъминлашга доир масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди.
Музокаралар натижасига кўра, икки давлатда ҳам пандемия шароити яхшиланиши билан авиарейслар тикланиши, шундан сўнг таътилга ва иш жойини алмаштириб келган фуқароларимиз ўз иш жойларига тўғридан-тўғри кириб бориши маълум қилинди.
Ҳозирги кунга қадар ишчи визасига эга фуқаролар транзит авиарейслар орқали мустақил равишда Корея Республикасига жўнаб кетиш учун уриниш ҳолатлари аниқланмоқда. Натижада ўзларига иқтисодий зарар етказмоқда.
Учрашувда ушбу ҳаракатлар сабабли уларнинг ўзи ҳам, бошқа фуқаролар ҳам Корея Республикасига кириб боришини янада кечиктириши ҳамда салбий оқибатларга олиб келиши ҳақида эслатиб ўтилди.