ТОШКЕНТ, 11 ноя — Sputnik. Сирдарё вилояти Янгиер шаҳрида фуқарони ўласи қилиб калтаклаган уч киши қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.
Ҳодиса 10 ноябрь куни содир бўлган. 25 ёшли С.Т., 26 ёшли Ш.М. ва 19 ёшли Б.Р.лар “Шодлик” МФЙ ҳудудида жойлашган “GRILL BAR” кафесига келишган. У ерда кафе официанти 23 ёшли Ж.Х.ни ўрталарида ўзаро олдиндан бўлиб ўтган келишмовчилик сабаб шафқатсизларча дўппослаб, тан жароҳати етказишган. Улар ҳатто ёғоч жисмдан фойдаланишган. Улар фуқарони калтаклаб, ҳодиса жойидан яширинган.
Натижада фуқаро Ж.Х. ўнг қўл кичик бармоғи ёпиқ синиши, юқори чап томон иккита тишларининг синиб тушиши, танасининг кўплаб шилинган жароҳатлари билан касалхонага мурожаат қилган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган. С.Т., Ш.М. ва Б.Р.лар ушланган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.