ТОШКЕНТ, 10 ноя — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 150 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 69 095 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг: 66 нафари Тошкент шаҳрида, 2 нафари Андижон вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 141 нафар бемор тузалди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 66 335 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 96 фоиз.
Айни пайтда 2 172 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 2 нафар бемор вафот этди.
Ўзбекистонда жами 588 киши пандемия қурбони бўлди.
ШҲТга таклифлар
Президент Шавкат Мирзиёев 10 ноябрь куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтадиган мажлисида иштирок этди.
Унда Шавкат Мирзиёев пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларини ривожлантиришга янги, шу жумладан “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди. Шунингдек, ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш таклиф этилди.
Ўзбекистон тажрибаси
Германияда “COVID-19 даврида меҳнат мигрантларини ҳимоя қилиш: Ўзбекистон тажрибаси” номли мақола чоп этилди. "BUSINESS & DIPLOMACY" нашри томонидан чоп этилган мақолада Ўзбекистон президенти раҳбарлигида иш ўринларини сақлаб қолиш ва Ўзбекистон меҳнат бозорига коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган амалга оширилган кенг миқёсдаги ишлар хусусида сўз юритилади.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 50,9 миллиондан ошди, 1,2 миллион ортиқ киши вафот этди, 33,3 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (10,1 млн), Ҳиндистонда (8,6 млн), Бразилияда (5,7 млн).