ТОШКЕНТ, 9 ноя — Sputnik. Бухоро вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи пора олаётганида ушланди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Маълум қилинишича, 7 ноябрь куни тезкор тадбир ўтказилган. Бухоро вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи Қ.Р. ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Бухоро шаҳридаги “Жамила Жаҳони Лаззат Омад” МЧЖ раҳбари Қ.М.дан карантин қоидаларига риоя қилинмаганлиги ҳолати учун жарима тайинламаслик эвазига пул талаб қилгани аниқланган.
Сўнгра у тамагирлик йўли билан кимёвий ишлов берилган 400 доллар ва 500 минг сўм нақд пулларни ўзининг хизмат хонасида пора тариқасида олаётган вақтида жиноят устида ушланган.
Ушбу ҳолат бўйича ЖКнинг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.