ТОШКЕНТ, 3 ноя - Sputnik. Бугун Ўзбекистонда халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги - InnoWeek бошланди. Тадбир илк маротаба онлайн виртуал платформада ўтказилмоқда, деб хабар қилди Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизмати.
"Innoweek 2020" - халқаро инновациялар ҳафталиги 3-8 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистонда яратилаётган инновациялар билан танишиш мумкин. Ҳафталик доирасида бир қатор тадбирлар режалаштирилган.
Innoweek 2020 дастуридан қуйидаги тадбирлар ўрин олган:
- Халқаро Робототехника мусобақаси;
- Халқаро ёшлар инновацион форуми;
- Осиё ва Тинч океани технологиялар трансфери маркази ҳудудий виртуал воркшопи;
- Европа уфқлари (Horizon Europe) доиравий дастурида иштирок этиш” мавзусидаги вебинар;
- Фанлар академияси илмий- ташкилотлари томонидан яратилган илмий ҳажмдор маҳсулотлар ва инновацион технологиялар онлайн тақдимоти;
- "Илм-фан ва тараққиёт" мавзусида энг яхши журналистик мақолалар бўйича танлов;
- "Инновацион ғоялар етакчиси" кўкрак нишони танлови ва бошқалар
Барча тадбирлар рўйхати ва уларнинг ўтказиш жадвали билан батафсил innoweek.uz саҳифасида танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Innoweek - инновациялар ҳафталиги Ўзбекистонда 2018 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Унда ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар, инновацион маҳсулот яратувчилари, вазирлик ва муассаса вакиллари, хорижий компания ва дипломатик ваколатхоналар иштирок этиб келмоқда. Тадбирнинг мақсади - Ўзбекистонда энг замонавий технологияларни намойиш қилиш ва уларни тижорат лойиҳаларига айлантириш, турди бизнес соҳаларига тадбиқ этишдир. Ўтган тадбирларда қатор лойиҳа ва меморандумлар имзоланган.