ТОШКЕНТ, 3 ноя - Sputnik. Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси чорвачилик фермер хўжаликларидан қўшимча маблағ ундиришни жорий этилишига эътироз билдирилди, деб хабар қилмоқда Қўмита матбуот хизмати.
Маълум бўлишича, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан тайёрланган янги қонун лойиҳасида 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб чорвачилик йўналишидаги фермер хўжаликларидан йиллик умумий даромадининг 0,5 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши ва уни ушбу қўмита ҳузуридаги "Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармасига" йўналтириш белгиланган.
"Монополияга қарши курашиш қўмитаси ушбу қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиб, тегишли тартибда лойиҳага ўз таклиф ва эътирозларини юборди", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, “Фермер ҳўжаликлари тўғрисида”ги Қонунга асосан фермер хўжалиги пул муомаласини юритиш ҳамда пул маблағларини сақлаб туриш учун банк муассасасида ҳисобварақлар очиш ва бу маблағларни эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Фермер хўжалигининг ҳисоб-китоб варағидан маблағларни фақат фермер хўжалиги бошлиғининг розилиги билан ёки суднинг қарорига биноан ҳисобдан чиқариш мумкин.
Қўшимча маълумот сифатида шуни айтиш мумкин-ки, 2020–2030 йилларга мўлжалланган Стратегиясининг 4-бўлими ҳамда “Йўл харитаси”нинг 129-бандида Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузурида “Ўзчорвасуғурта” суғурта фондини ташкил этиш кўрсатилган.