ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik. Беморланган одамларда коронавирусга қарши иммунитет орадан бир неча ой ўтиб йўқолади, деб маълум қилган "Известия" нашрига клиник тадқиқотлар раҳбари, Россия президенти ишлари бошқармаси бош кардиологи, Марказий клиник шифохона бош тадқиқотчиси Никита Ломакин.
Врачнинг айтишича, август ойида коронавирус билан беморланганига қарамай, Россиянинг "Спутник V" вакцинаси билан эмланишни режалаштирган. Ломакин буни касалланган одамларда иммунитет турғун бўлмаслигини, шу боис, қайта касалланиш хатари мавжудлиги билан тушунтиради.
"COVID-19 билан беморланганларнинг деярли барчаси яқин уч-беш ой давомида гуморал иммунитетни йўқотадилар, такроран касалликка чалиниш хатари юқори бўлади уларда. Шу боис, мен ёшимга доир бериладиган тавсиялар асосида вакцинани олишни режалаштиряпман", - деди мутахассис.
Ломакиннинг айтишича, "Спутник V" тадқиқотларида иштирок этаётган, 60 ёшдан юқори бўлган кўнгиллиларнинг биринчи гуруҳи препаратнинг биринчи дозасини олишган. Аниқлик киритилишича, 28 кишининг ҳеч бирида нохуш реакциялар кузатилмаган. Тадқиқотларга 110 кишини жалб қилиш режалаштирилган. Ҳозирда 28 киши госпитализация қилинган.
Эслатиб ўтамиз, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 11 август куни "Спутник V" вакцинасини рўйхатга олган эди. Октябрь ойининг бошида "ЭпиВакКорона" – COVID-19га қарши иккинчи вакцина рўйхатга олинди.
Айни дамда Россияда учинчи вакцина ҳам клиник синовлар даражасида. РФАнинг Чумаков номидаги иммунобиологик маркази томонидан яратилган вакцина SARS-CoV-2 вируси асосида ишлаб чиқилган. Махсус ишлов берилган вирус ўзининг инфекцион хусусиятларини йўқотиб – иммунитет уйғотиш хусусиятига эга бўлган.