ТОШКЕНТ, 30 - Sputnik. Никоҳга кириш учун мажбуран ўғирланган аёл ИИБга мурожаат қилди, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Ҳодиса Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманида 13 октябрь куни содир бўлган.
Кечга томон 30 ёшли Д.Е., танишлари 29 ёшли Р.Ж. ва 30 ёшли П.Б.лар билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, 24 ёшли аёл - Г.С.ни унинг эркига хилоф равишда ўғирлаб кетишган.
Ўғрилар аёлнинг орқасидан бориб унга куч ишлатиб, мажбуран "Nexia-2" автомашинасига миндириб, Қонликўл тумани Бўстон ОФЙда жойлашган уйига олиб боришиган.
Ўғирлашдан мақсад Г.С.,ни Д.Е., билан никоҳлаш бўлган.
Ҳолат юзасидан Г.С., туман ИИБ бошлиғига ариза билан мурожаат қилган. Ҳодиса жойига тергов-тезкор гуруҳи ходимлари чиқиб кўздан кечириш ва бошқа терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказишган. Д.Е.,нинг номида бўлган “Nexia-2” русумли автомашина далилий ашё тариқасида олиниб, тегишли тартибда муҳрланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қанликўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 136-моддаси 1-қисми (Аёлни эрга тегишга мажбур қилиш ёки унинг эрга тегишига тўсқинлик қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб бормоқда.