ТОШКЕНТ, 30 окт — Sputnik. “Коронавирус пандемияси даврида ташқи иқтисодий фаолият, туризм ва қурилиш соҳаларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳукумат қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2022 йил 31 декабргача қуйидагиларга утилизация йиғимининг ноль ставкаси қўлланилади:
- юк ташиш учун мўлжалланган шатакчи автомобиллар (ТИФ ТН коди 8701 20, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно), шунингдек, тиркамалар ва ярим тиркамалар (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39, ишлаб чиқарилганига 5 йилдан ошганлари бундан мустасно);
- юк ташиш учун мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8704 22, 8704 23) ҳамда махсус мўлжалланган янги транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8705 10, 8705 40, 8705 90);
- ҳайдовчи билан бирга 10 ва ундан ортиқ йўловчиларни ташиш учун мўлжалланган транспорт воситалари (ТИФ ТН коди 8702, ишлаб чиқарилганига 4 йилдан ошганлари бундан мустасно).
Шунингдек, эндиликда давлатлараро, ҳукуматлараро, халқаро ташкилотлар йўналишлари бўйича хайрия ёрдами мақсадларида олиб кириладиган транспорт воситаларига ҳам утилизация йиғими ундирилмайди.