ТОШКЕНТ, 29 окт — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 192 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 66 392 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг: 72 нафари Тошкент шаҳрида, 7 нафари Тошкент вилоятида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 135 нафар бемор тузалди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 63 581 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 96 фоиз.
Айни пайтда 2 250 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 3 нафар бемор вафот этди.
Ўзбекистонда жами 561 киши пандемия қурбони бўлди.
Абхазиядан қайтган фуқаролар
28 октябрь куни Абхазияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи Сочи шаҳридан ватанга қайтарилди.
Умра зиёрати
Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда 1 ноябрь кунидан эътиборан, хорижий зиёратчиларга умра қилиши учун рухсат берилгани мазмунида тарқалган хабарга ойдинлик киритди.
Эндиликда, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Ҳаж ва умра вазирлиги ўзининг расмий интернет нашрлари орқали тақдим этган маълумотларга кўра, Умра зиёрати тўрт босқичда, Саудия Арабистони Подшоҳлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклиф ва тавсиялари асосида қайта ташкил этилмоқда.
Бугунга қадар умра тадбирлари 2 та босқичда қайта йўлга қўйилди. Шу йилнинг 4 октябрдан биринчи ва 18 октябрдан иккинчи босқичлар бошланди. Ҳозирга келиб кунлик зиёратчилар сони 15 мингтани ташкил этмоқда.
Тест бот
Энди "COVID-19" бўйича тест натижаларини Телеграм-бот орқали олиш мумкин.
"COVID-19" учун ПЗР тести натижаларини тезда олинишини таъминлаш мақсадида @coronavirustest_testingbot махсус Телеграм-бот яратилди.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 44,8 миллиондан ошди, 1,2 миллион ортиқ киши вафот этди, 32,7 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (9,1 млн), Ҳиндистонда (8,0 млн), Бразилияда (5,5 млн).