ТОШКЕНТ, 28 окт – Sputnik. Ўзбекистон олийгоҳларини нуфузли хорижий ОТМлар ёрдамида трансформация қилиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.
Унда айтилишига кўра, Ўзбекистон ОТМларини трансформация қилишда қуйидаги йўналишларга алоҳида эътибор берилади:
- Олий таълимни рақамли форматга ўтказиш, рақамли таълим технологияларини кенг жорий этиш;
- Лойиҳавий ўқитиш услубларини кенгайтириш, инновацион таълим муҳитини шакллантириш;
- Талабалардан тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш, бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш дастурларини яратиш;
- ОТМ ҳудудини таълим, илм-фан ва ижтимоий-маданий ривожланиш маркази сифатида ривожлантириш
ОТМларни трансформация қилиш қуйидаги босқичларда амалга оширилиш белгиланган.
1. 2021 йилнинг 1 мартига қадар Ўзбекистонда 5та ОТМ очиқ сайлов асосида танлаб олинади.
2. 2021 йилнинг 1 майига қадар танлаб олинган ОТМларни трансформация қилиш дастури ишлаб чиқилади.
Шунингдек, трансформация қилинган ОТМларда қуйидаги ўзгаришлар юз беради:
- Босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиш
- Бакалавриат ва магистратурага қабул параметрлари, кириш имтиҳонлари ОТМ томонидан белгиланади;
- Ҳамкор сифатида бириктирилган хорижий ОТМ профессорлари ўқув жараёнига жалб этилади.
- Чет тилларида ўқитиладиган фанлар босқичма-босқич киритилиб боради
- 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ушбу ОТМларда кенг академик мустақиллик бериш режалаштирилган
- Халқаро молия муассасалари грантлари жалб этилади
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори қабул қилинишига Ўзбекистон президентининг 2020 йил 2 мартида имзоланган "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" Давлат дастури асос бўлган.