ТОШКЕНТ, 28 окт - Sputnik. 1 октябрдан Ўзбекистонда тўйхоналар фаолиятига рухсат берилгани ойдинлашди.
Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 30 сентябрдаги йиғилиш баёнига асосан карантин чораларини юмшатиш муносабати билан 2020 йил 1 октябрдан тўйхоналар фаолиятига рухсат этилган.
Бунда, тўйхоналар оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 30 кишидан кўп бўлмаган (фақат яқин қариндошлар ва ушбу туман ҳудудида истиқомат қилувчи бошқа қариндошлар) ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этган ҳолда ўтказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, илгарироқ "Менинг фикрим" жамоавий мурожаатлар порталига тўй маросимларини 30 кишилик тартибда ўтказилишини доимий сақлаб қолиш ҳақида петиция жойлаштирилгани ҳақида хабар берган эдик.