ТОШКЕНТ, 24 окт — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ янги “ЙТҲ содир бўлиши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисми” йўл белгисини жорий этиш мақсадга мувофиқлигини ўрганмоқда.
“Мазкур йўл белгиси ҳайдовчи ва пиёдаларни йўл-транспорт ҳодисалари эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмига яқинлашиб келаётганлари ҳақида огоҳлантиради. Маълум йўл қисмининг хавфлилиги статистик маълумотлар ва мавжуд шароитларни (йўл қопламаси, кўринишни тўсувчи йўл четидаги дарахтлар, бино ва иншоотлар ва бошқалар) инобатга олган ҳолда баҳоланади. Хусусан, йўл-транспорт ҳодисалари рўй бериши эҳтимоли юқори бўлган йўл қисмларига ўтган чорак давомида уч мартадан кўп ЙТҲ рўй берган ҳудудлар киритилади.
Янги огоҳлантириш четлари қизил ранг билан чегараланган ва ўртасида қора рангли нуқтаси бўлган оқ рангдаги учбурчак белги кўринишида бўлиши кутилмоқда. Унинг остида тўртбурчак шаклда икки автомобилнинг тўқнашуви ёки автомобиль ва пиёда иштирокида ЙТҲ акс этган расмли изоҳ берилган белги ҳам ўрнатилади.
Белги хавфли ҳудуддан 100-150 метр олдин ўрнатилиб, натижада йўл ҳаракати қатнашчиларида чора кўришлари учун вақт бўлади. Ҳайдовчи тезликни пасайтириши, ҳаракатларни эҳтиётлик билан амалга ошириши зарур . Пиёдадан эса йўлни эҳтиёт бўлиб кесиб ўтиши талаб этилади”, – дейилган хабарда.
Белгининг таъсирига баҳо бериш учун синов тариқасида мазкур белгиларни ўрнатиш режалаштирилгани, бу чора йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда самарали бўлиш ёки бўлмаслиги юзасидан ҳайдовчи ва пиёдаларга изоҳлар қолдириш таклиф этилган.