МБ макроиқтисодий ривожланишнинг учта сценарийсини тақдим этди

© Unsplash / Jason BriscoeРабота в офисе
Работа в офисе - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқилди.

ТОШКЕНТ, 22 окт — Sputnik. Марказий банк пул-кредит сиёсатининг 2021 йил ва 2022-2023 йиллар даврига мўлжалланган асосий йўналишларини ишлаб чиқди.

“Пул-кредит сиёсатининг асосий йўналишлари Марказий банк томонидан келгуси йилларда амалга ошириладиган чора-тадбирлар мажмуини ўзида акс эттириб, таркибида ташқи ва ички макроиқтисодий вазиятларнинг ўзгариши шароитида соҳада кўриладиган чоралар, қўлланиладиган тамойил ва инструментларни қамраб олган”, - дейилган хабарда.

Макроиқтисодий ривожланиш прогнозлари 3 хил – асосий, тезкор иқтисодий тикланишга (оптимистик) ва ташқи иқтисодий хатарлар кучайишига (хатарли) асосланган муқобил сценарийлар асосида ишлаб чиқилди.

Таъкидланишича, макроиқтисодий ривожланиш сценарийларни ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, коронавирус пандемиясининг иқтисодиётга ҳамда ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиёти ва асосий экспорт товарлари нархларига таъсирлари, шунингдек, потенциал ишлаб чиқариш даражасининг ўзгаришларини инобатга олишга ҳаракат қилинган.

Асосий сценарий

Пандемия билан боғлиқ вазият босқичма-босқич яхшиланиб борса, аҳоли ва бизнес вакилларини ўз фаолиятларини пандемия ва ундан кейинги шароитларга мослашган ҳолда давом эттиришади.Ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2022 йил иккинчи ярим йиллигидан инқироздан олдинги даражасига етади.

Мамлакатда иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил охирида инқироздан олдинги кўрсаткичларга яқинлашади, 2023 йилда иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасигача тикланади.

Бюджет даромадлари тикланиб бориб, 2022 йилда йиғма бюджет дефицити 2,5 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда. Бунда, таркибий ислоҳотлар давом эттирилиб, тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2022-2023 йилларда амалга оширилиши кўзда тутилмоқда.

Асосий сценарийга мувофиқ, пул-кредит сиёсатининг жорий “нисбатан қатъий” шароитлари 2021 йил охирига қадар сақланиб қолинади.

Оптимистик

Пандемия билан боғлиқ вазиятнинг нисбатан тез суръатларда яхшиланиши, келгусида карантин чораларининг жорий этилмаслиги ҳамда жаҳонда вирусга қарши вакцина ва дорилар 2021 йилнинг иккинчи ярмидан кенг татбиқ қилиниши шароитларини ўз ичига олади.

Асосий савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг бир маромда тикланиши ҳисобига ташқи талаб 2021 йил иккинчи ярим йиллигида инқироздан олдинги даражасига етиши ва жаҳон иқтисодиёти тикланиб боргани сари олтин нархи пасайиб бориши прогноз қилинмоқда.

Ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб 2021 йил ўртасида инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциалига 2022 йилда етиши кутилмоқда.

Бунда асосий сценарийдан фарқли равишда транспорт, хизматлар ва туризм соҳаларида ҳам ўсиш суръатларни жонланади.

Иқтисодий фаолликнинг тикланишига мос равишда давлат бюджети даромадлари нисбатан тезкор суръатларда ўсиб бориши ва йиғма бюджет дефицитининг 2022 йилда 2 фоизгача қисқариб боради.

2022-2023 йилларда мантиқий якунига етказилиши ва ушбу соҳаларга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши иқтисодий ўсишнинг асосий омилларидир.

Оптимистик сценарийда белгиланган шартлар рўй берган тақдирда, пул-кредит сиёсатининг амалдаги “нисбатан қатъий” шароитлари сақланиб қолинади. Бунда 2021-2022 йилларда инфляция даражаси асосий сценарийга қараганда бироз пастроқ даражада шаклланади.

Хатарли

Жаҳонда пандемия билан боғлиқ вазиятнинг кескинлашиб бориши ва глобал ёпилиш 2021-2022 йилларда ҳам давом этиши эҳтимолларини кўзда тутади.

Ташқи савдо ҳамкорлар иқтисодиётининг секин  суръатларда тикланиши, ташқи талаб даражасининг фақатгина 2023 йил иккинчи чорагига келиб инқироздан олдинги даражасига етади ва хавфсиз актив сифатида олтин нархида ўсувчи динамика сақланиб қолинади.

Хатарли сценарийда ички иқтисодий фаоллик ва ялпи талаб фақатгина 2022 йилнинг охирига келиб инқироздан олдинги даражага яқинлашиши, иқтисодиёт ўзининг потенциали даражасига 2023 йилдан кейин етиши ва  бюджет харажатлари юқорилигича сақланиб қолиши шароитида йиғма бюджет дефицити 6-7 фоиз атрофида шаклланиши прогноз қилинмоқда.

Мазкур сценарий шартлари юз берган тақдирда тартибга солинадиган нархлар эркинлаштирилиши жараёни 2023 йилга қолдирилиш эҳтимоллари ошади.

Мазкур сценарийда талаб омиллари томонидан инфляцияга босим пасаяди, инфляциянинг прогноз траекториясидан пасайиш томонга оғиши пул-кредит шароитларини “бироз юмшатиш” имкониятини яратади. 

Марказий банк нима қилади

Учта сценарийлар шароитида ҳам Марказий банк инфляциянинг 2023 йил охирида 5 фоизлик таргет доирасида бўлиши ҳамда банк ва тўлов тизимлари барқарорлигини таъминлаш бўйича доимий мақсадлари ўзгаришсиз қолади.

Банклараро пул бозоридаги ликвидликни самарали қайта тақсимланишини таъминлаш ва Марказий банкнинг ушбу бозордаги ролини босқичма-босқич пасайтириб бориш режалаштирилмоқда.

Ички валюта бозорини янада такомиллаштиришда валюта курсининг ички ва ташқи омилларга мослашувчанлигини ошириш, бозор иштирокчиларнинг алмашув курсини белгилашдаги ролини оширади.

Янги коммуникацион сиёсатни амалга оширишда инфляциянинг мақсадли кўрсаткичлари, пул-кредит соҳасида қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва операцион механизмни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумотлар кенг жамоатчиликка мунтазам равишда эълон қилиб борилади.

Ўрта муддатли истиқболда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш ва юқори суръатли иқтисодий ўсиш кўрсаткичларига эришиш кўп жиҳатдан келгуси йилларда амалга ошириладиган таркибий ислоҳотлар ҳамда ички ва ташқи хусусий инвестицияларни иқтисодиётимизга жалб этилишига боғлиқ.

Бу ўз навбатида, давлат корхоналарини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда рақобат муҳитини ривожлантириш, бизнес юритиш учун қулай институционал шароитлар таъминлаш ва ялпи унумдорликни оширишга қаратилган чора-тадбирларни самарадорлиги ва амалий аҳамиятининг оширилиши билан чамбарчас боғлиқ.

Янгиликлар лентаси
0