ТОШКЕНТ, 21 окт — Sputnik. Ўзбекистонда фуқаролар шифокор қабулига онлайн ёзилишлари мумкин.
Фуқаролар учун reg.ssv.uz сайти орқали шифокор қабулига онлайн ёзилиш имконияти пайдо бўлди.
“Электрон поликлиника” тизими Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази томонидан ишлаб чиқилган.
Ушбу тизим ёрдамида фуқаролар ўзлари учун қулай вақтда, уйдан чиқмаган ҳолда шифокор қабулига ёзилишлари, шифокор ва муассаса ҳақида маълумотлар олишлари, шунингдек, олинган тиббий хизматлар сифатини баҳолашлари мумкин бўлади.
Бугунги кунда “Электрон поликлиника” ахборот тизимига Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги кўплаб оилавий поликлиникалар уланган. Бутун республика ҳудуди бўйлаб поликлиникаларни тизимга улаш ишлари давом эттириб келинмоқда.