ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Сурхондарё вилояти Ангор туманида содир бўлган аянчли йўл-транспорт ҳодисасида бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ҳалок бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ҳодиса 18 октябрь куни соат 23:00 да Ангор тумани “Қорабоғ” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи М-39 автомобиль йўлининг 1433 километрида содир бўлган. 27 ёшли ҳайдовчи И.И. “Nexia-3”ни “Самарқанд-Термиз” йўналишида бошқариб кетаётиб, бошқарувни йўқотган. Натижада йўл бўйлаб оқиб ўтувчи каналга тушиб кетган ва автомобилда ёнғин келиб чиққан.

ЙТҲ оқибатида ҳайдовчи, унинг 27 ёшли турмуш ўртоғи Ф.А ҳамда вояга етмаган фарзандлари С.Ў. ва С.И. (2016 ва 2017 йилларда туғилган) оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этишган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.