ТОШКЕНТ, 17 окт - Sputnik. Наманган вилояти Чуст туманида бир нечта шифокорларнинг тоифа сертификати қалбакилиги аниқланди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ички аудит ва молиявий назорат хизмати томонидан Чуст туман тиббиёт бирлашмасида масофадан туриб мониторинг текшируви давомида, болалар психиатрияси, анестезиология ва реаниматологияси, умумий амалиёт шифокори, неврология, умумий хирургия мутахассисликлари учун бир нечта шифокорларнинг малака тоифаси берилганлиги тўғрисидаги сертификатларни қалбаки эканлигига шубҳа туғилган.
Ушбу ҳужжатлар текшириб кўриш учун олинган ҳамда малака тоифаси сертификатларининг қалбакилаштирилган ҳолатига аниқлик киритиш учун Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлимига юборилган.
Терговга қадар текширув даврида ўтказилган Наманган шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЭКБнинг тадқиқотлар хулосасига кўра, малака тоифаси сертификатларидаги мухрлар изи компьютер қурилмасининг рангли оқимли (струйный) принтери ёрдамида тайёрланганлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Чуст тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.Н., С.Н., М.Ж., И.Ю. ва О.З., ларга нисбатан ЖКнинг 228-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.