ТОШКЕНТ, 12 окт — Sputnik. Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида таваккалчиликка асосланган хўроз ўйинлари ташкил қилган 120 дан ортиқ шахсларга чора кўрилди. Бу ҳақда вилояти ИИББ ахборот хизмати хабар қилди.
9 октябрь куни соат тахминан 00:30 ларда “Ўртасарой” МФЙ ҳудудидаги от фермасида карантин қоидалари қўпол равишда бузилиши ва ноқонуний хўроз ўйини ташкил этилаётгани аниқланган. Ички ишлар ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилган ва воқеа жойи текширилган.
У ерда ҳақиқатдан ҳам 100 нафардан ортиқ фуқаролар иштирокида хўроз ўйини ташкил этилганлиги аниқланган. Шунингдек, ферма ҳовлисида хизмат кўрсатаётган ноқонуний савдо шохобчасида истеъмол учун олиб келинган маҳсулотлар мутлақо санитария қоидаларга жавоб бермаслиги маълум бўлган.
Натижада ўйинларда иштирок этаётган жами 124 нафар шахслар қўлга олинган ва тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилган. Ўйин учун олиб келинган хўрозлар далилий ашё сифатида олинган.
Бундан ташқари, ушбу шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасини қўпол равишда бузганликлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан қўшимча суриштирув олиб борилмоқда.