ТОШКЕНТ, 9 окт - Sputnik. Сирдарёда яшовчи эркак ўз рафиқасига хиёнат қилгандан сўнг, юрак хуружидан вафот этди.
Ховос тумани суди хабарида айтилишича, шу туманда истиқомат қилувчи Барно Алиева (исми-шарифи ўзгартирилган) ўзининг хуштори Алишер Зарипов (исми-шарифи ўзгартирилган, иккаласи ҳам оилали) билан соат 19:00 ларда ўзининг ётоқхонасида ишқий муносабатда бўлаётган вақтида, эркак юрак хуружи туфайли хушидан кетган.
Аёл оиласи бор эркак билан ишқий муносабати ошкор этилиши ва шарманда бўлишдан қўрқиб, учун уйга тез тиббий ёрдам чақирмаган. Аксинча, хушторини ярим кечгача ётоқхонада сақлаб, сўнг ҳовлисидаги эшак аравага жасадни ортиб, даладаги йўлнинг четига олиб бориб, ташлаб келган.
Суд, мазкур жиноят ишини мазмунан кўриб чиқиб, Б.Алиевани Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 117-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга қонунда белгиланган чорани қўллаган.