ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғ можароси иштирокчиларини жанговар ҳаракатларни тўхтатишга чақирди.
Россия президенти Владимир Путин Тоғли Қорабоғдаги вазият муносабати билан мурожаат қилган, можаро томонларини жанговар ҳаракатларни инсонпарварлик нуқтаи-назаридан тўхтатишга чорлаган.
Кремль матбуот-хизмати хабарига кўра, Россия президенти Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ва Арманистон бош вазири Никол Пашинян билан бир неча телефон суҳбатларини ўтказган ва асир алмашиш ҳамда қурбонлар таналарини йиғиб олиш учун жанговар ҳаракатларни тўхтатиб туришга чақирган.
"Ушбу масалалар бўйича Россия иштирокида музокаралар ўтказиш мақсадида Москвага 9 октябрь куни Озарбайжон ва Арманистон ташқи ишлар вазирлари таклиф қилинади", - дейилган Кремль хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Тоғли Қорабоғда жанговар ҳаракатлар 27 сентябр куни янгиланди. Озарбайжон ва Арманистон бир-бирига зарбалар беришни бошлади. Айни дамда Арманистонда тўлиқ мобилизация эълон қилинган, 18-55 ёшли эркакларга мамлакатни тарк этиш таъқиқланган. Озарбайжонда қисман мобилизация эълон қилинган.
Россия, АҚШ ва Франция раҳбарлари томонлардан жанговар ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилишмоқда.