ТОШКЕНТ, 9 окт — Sputnik. Ўзбекистонда хориждан бир квартал давомида олинадиган жўнатмалар суммасини 1000 доллардан 200 долларга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақида Молия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган янги қонун лойиҳасида айтиб ўтилган.
Янги қонунга кўра, 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб божхона тўловларисиз олиб келинаётган жўнатмалар миқдорини беш баравар – 200 долларгача камайтириш режалаштирилган. Айнида дамда бир кварталда умумий қиймати 1000 долларгача бўлган маҳсулот олиб кириш мумкин.
Буюртма берилган маҳсулот қиймати 200 доллардан ошган тақдирда фуқаролар ундан божхона тўлови тўлаш талаб қилинади.
Айтиш жоизки, чеклов нафақат посилка қиймати балким унинг вазнига нисбатан ҳам киритилган. Хусусан жўнатманинг брутто оғирлиги – 10 килограмдан ошмаслиги керак.
Лойиҳани муҳокама қилиш 23 октябрга қадар давом этади. Айни дамда Давлат Божхона қўмитаси ва Молия вазирлиги киритилиши, белгиланган меъёрдан ошган посилкалардан олиш режалаштирилаётган Ягона божхона тўловини ишлаб чиқмоқда.
Қонун лойиҳасида айтилишига кўра, ушбу чоралар мамлакатда тадбиркорликни амалга ошириш учун тенг рақобатбардош шароит яратиш ҳамда яширин иқтисод даражасини пасайтириш мақсадларида амалга оширилмоқда.