ТОШКЕНТ, 7 окт — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 7 октябрь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“Суҳбат чоғида икки мамлакат ҳамкорлигининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Минтақадаги вазият юзасидан фикр алмашилди, бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси кўриб чиқилди”, -дейилган хабарда.
Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги стратегик шериклик ва кўп қиррали муносабатларни мустаҳкамлаш, Марказий Осиёда барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш борасида қатъий эканликларини таъкидладилар.
Эслатиб ўтамиз, 5 октябрь куни Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилиб, уни таваллуд айёми билан табриклаган эди.