ТОШКЕНТ, 5 окт - Sputnik. Москвада меҳнат мигрантлари учун янги бепул ўқув курси очилди, деб хабар қилмоқда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги.
"Маляр иши" номли бепул ўқув курслари 8 октябрдан бошланади ва дарслар сешанба, пайшанба ва жума кунлари соат 19:30 дан 22:00 гача бўлиб ўтади. Ўқиш давомийлиги рус тили - 1 ой (72 соат), касб бўйича - 2 ой (144 соат), - дейилган хабарда.
Дарслар 26-сонли Архитектура, Дизайн ва Реинжиниринг колледжида бўлиб ўтади. Манзил: Москва ш., Совхозная кўчаси, 2-уй, стр. 1. "Люблино" метро бекати яқинида. Алоқа учун телефон: +7 (926) 687-46-19. Телеграм бот: @uzrivoj_bot
Хабарда айтилишига кўра, курсга қатнаб ўқишга имкони бўлмаганлар учун ўқув марказида ётоқхона ташкил этилади. Меҳнат мигрантлари учун ўқиш ва турар жой харажатлари бепул бўлади.
Ўқиш якунида "World skills" стандартлари асосида малака даражасини кўрсатувчи skills passport (малака паспорти) берилади.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги, "World skills Uzbekistan" ассоциацияси, "World skills Russia" иттифоқи ва Россия халқлар дўстлиги университети билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.