ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 2020 йилнинг биринчи ярмида 0,2% гача пасайиб, асосан қишлоқ хўжалиги (2,8%) ва қурилиш (7,3%) соҳаларидаги ўсиш ҳисобига ижобий кўрсаткичини сақлаб қолди. Бошқа соҳаларда пасайиш кузатилди. Бу ҳақда Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) матбуот хизмати янги макроиқтисодий ҳисоботга асосланиб хабар берди.
Ҳисоботга кўра, саноат ва газ қазиб олиш 1,9% ва 17,1%га камайган. Меҳмонхона бизнеси ва чакана савдода 1,1 фоизга, транспорт ва сақлаш, ахборот ва алоқада — 3,2 фоиз пасайиш кузатилди. Январь-июль ойларида ишсизлик 13,2%гача ўсди (бир йил олдин — 9,1%), реал даромадлар эса 1,7%га камайди.
Ялпи талаб фонида инфляция август ойида 11,7% гача пастлади (2019 йил августда — 16,5%), бу Марказий банкни қайта молиялаш ставкасини йиллик 15%дан 14%гача туширишга мажбур қилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, Инқирозга қарши жамғарма (ЯИМнинг 1,5 фоизга яқини) ташкил этилганига қарамай, мамлакат кучли ташқи босимни бошдан кечирмоқда. Йилнинг етти ойида импорт тахминан 18%га, экспорт эса 21%га камайди. Россия ва Қозоғистондаги иқтисодий фаолликнинг сустлашуви ва январь-июль ойларида пул ўтказмаларининг 7 фоизга пасайиши туфайли ташқи мувозанат янада ёмонлашди.
Умуман олганда, ЕТТБ бу йил реал ЯИМнинг 2 фоизга қисқаришини прогноз қилмоқда. Таҳлилчилар экспорт ва ички талабнинг тикланиши билан боғлиқ ҳолда 2021 йилда 4,5% ўсишни кутмоқдалар.