Мирзиёев ўқитувчи ва мураббийларни байрам билан табриклади

© Пресс-служба президента УзбекистанаПрезидент Узбекистана Шавкат Мирзиёев
Президент Узбекистана Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтяпти. Яна бир эътиборли жиҳати, бу йилги табрик ҳам аввалгилардан фарқ қилиб, мурожаат тарзида бўлмоқда.

ТОШКЕНТ, 30 сен — Sputnik. Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этмоқда.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтяпти. Яна бир эътиборли жиҳати, бу йилги табрик ҳам аввалгилардан фарқ қилиб, мурожаат тарзида бўлмоқда.

“Биз ҳар биримиз ҳаётда қандай муваффақият ва натижаларга эришган бўлсак, бу ютуқларда сизларнинг беқиёс ҳиссангиз борлигини доимо миннатдорлик билан эътироф этамиз”, – деди Шавкат Мирзиёев тадбирга йиғилган ўқитувчи ва зиёлиларга мурожаатини бошлар экан.

Ўқитувчи ва мураббийлар байрами муносабати билан имзоланган фармонга мувофиқ, халқнинг озодлиги ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқиёс ҳисса қўшган Абдулла Авлоний, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Мунавварқори Абдурашидхонов “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирлангани маълум қилинди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш асосий мақсад қилиб белгиланганини таъкидлади.

“Буюк аждодларимизнинг бетакрор ва ноёб илмий-маънавий мероси биз учун доимий ҳаракатдаги ҳаётий дастурга айланиши керак. Бу ўлмас мерос ҳамиша ёнимизда бўлиб, бизга доимо куч-қувват ва илҳом бағишлаши лозим. Авваламбор, миллий таълим тизимини ана шундай руҳ билан суғоришимиз керак”, - деди президент. -

Байрам тадбирида ўқитувчи ва мураббийлар, олимлар, парламент ва ҳукумат вакиллари иштирок этмоқда.

Янгиликлар лентаси
0