ТОШКЕНТ, 29 сен — Sputnik. Тошкентда 16 ёшли қиз содир этган йўл-транспорт ҳодисасида 14 ёшли бола қурбон бўлди. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар қилмоқда.
ЙТҲ 27 сентябрь куни соат 20:00 ларда Тошкент шаҳар Учтепа тумани 35-уй қаршисида содир бўлган. Ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган 16 ёшли Ш.Н. “Спарк”ни бошқараётиб, ўзидан олдиндаги “Нексия” қувиб ўтишга уринган. Натижада у билан тўқнашган ва қарама-қарши йўлга ўтиб кетган. У ерда эса “Ласетти” билан тўқнашган.
Натижада “Спарк” йўловчиси 14 ёшли А.Н. шифохонага олиб кетилаётганда йўлда вафот этган. Ушбу автомобиль ҳайдовчиси 16 ёшли Ш.Н. ва “Ласетти” ҳайдовчиси 46 ёшли А.М. тан жароҳати олиб шифохонага ётқизилган.
Мазкур ЙТҲ юзасидан одам ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.