ТОШКЕНТ, 28 сен — Sputnik. “Умумий ўрта таълими муассасаларида соғлом овқатлантиришни ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланди.
Ҳужжатга 2021-2025 йилларда овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган умумий ўрта таълим мактабларида ошхоналарни ташкил этиш ва жиҳозлаш кўрсаткичлари илова қилинган.
Унга кўра, 4 йил давомида республика бўйлаб овқатланиш тизими мавжуд бўлмаган 2990 та мактабда ошхоналар ташкил этилади. Шунингдек, ошхоналар музлатгич, сув қайнатгич, электр плита, идиш-ювиш ванналари ва бошқалар билан жиҳозланади. Энг кўп – Самарқанд (714 та), Фарғона (386), Қашқадарё (370) вилоятларидаги мактаблар.
“Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:
а) умумий ўрта таълим мактаблари ошхоналарида овқатлантиришни ташкил этиш жараёнида ошхоналарда фойдаланиладиган коммунал хизматлар учун тўловлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
Бунда:
ўқув йили бошлангунга қадар ҳар бир таълим муассасалари бўйича коммунал хизматлар учун чекланган ҳар ойлик кўрсаткичлар халқ таълими ҳамда молия бўлимлари томонидан белгиланади;
чекланган кўрсаткичлардан ортиқ фойдаланилган коммунал хизматлари учун тўловлар ижара олувчилар томонидан амалга оширилади.
б) умумий ўрта таълим мактабларида ошхоналарни қуриш
ва таъмирлаш ишларини олиб борган хусусий тадбиркорларга узоқ муддатли “ноль” ставка билан ижарага берилади”, - дейилган лойиҳада.