ТОШКЕНТ, 27 сен — Sputnik. Россиядан Ўзбекистон фуқароларини қайтариш учун навбатдаги автобуслар карвони йўлга чиқди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Ўзбекистонга қайтиш истагида бўлган Россиянинг Қозоғистон билан чегара олди ҳудуди Самара вилоятида тўпланиб қолган фуқароларни ватанга олиб келиш мақсадида жорий йилнинг 23 сентябрь куни 15 та автобусдан иборат илк карвон Россияга жўнатилган эди.
Айни дамда 750 нафар фуқароларни олиб қайтаётган ушбу автобуслар режага кўра 27 сентябрь куни Ўзбекистонга кириб келади.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги “Uzautotrans service” корхонаси томонидан бугун навбатдаги 15 та автобусдан иборат карвон Россиянинг Самара вилояти томон йўлга чиқди.
Ушбу махсус автобус қатновлари барча санитария қоидалари ва Қозоғистон ҳамда Россия томонидан қўйилган талабларга қатъий амал қилган ҳолда бажарилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Uzbekistan Airways 17 сентябрдан бошлаб Москвадан кунига 2 маротаба авиапарвозлар ташкил қилишни бошлаган эди. Шунингдек, Санкт-Петербург ва Москвадан Тошкентга қўшимча чартер рейс қўйилган. Айни дамда чипталар эркин савдода сотилмоқда.
ТИВ фуқароларга мурожаат қилиб, Россия ҳудудида бўлган ватандошлардан поезд станцияларида тўпланмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин талабларига қатъий риоя қилишларини яна бир бор сўраган эди.