ТОШКЕНТ, 26 сен - Sputnik. Наманганда автоҳалокат оқибатида 6 ёшли қизалоқ вафот этди. Бу ҳақда Наманган вилояти ИИБ Ахборот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, ҳодиса 24 сентябрь куни кундузи рўй берган.
"Косонсой-Наманган" йўлининг 1 километрида "Нексия" русумли автомашинани бошқариб кетаётган ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлай олмай, йўлни кесиб ўтаётган пиёда 6 ёшли қизалоқни уриб юборган.
Натижада, пиёда Д.Ахмадалиева тан жароҳати олиб, шифохонада вафот этган.
Ушбу ҳолат бўйича туман ИИБ ҳузуридги ТБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (Одам ўлишига сабаб бўлган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Мазкур модда ҳайдовчининг муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиниб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини кўзда тутади.