"Оқ олтин мавсуми": Ўзбекистоннинг машҳур инсонлари пахтани қандай теришганини эсга олишди

© Sputnik / Денис АбрамовСбор урожая хлопка в Ставропольском крае
Сбор урожая хлопка в Ставропольском крае - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Ўзбекистонда пахта терими мавсуми бошланганига анча бўлди. Республиканинг машҳур кишилари ўз вақтида пахтани қандай терганлари ва мавсум билан боғлиқ хотиралари билан ўртоқлашишди

 

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Зокирова: "Бизга нон ейиш мумкин эмас эди..."

Сбор урожая хлопка в Ставропольском крае - Sputnik Ўзбекистон
Бу йил пахта теримчиларининг маоши қандай бўлади?

1987 йиллар... 17 ёшли хореография мактабида ўқиб юрган қизалоқ бўлганман. Шу мактабда 9 йил ўқиган бўлсам, бир мартагина у ҳам бўлса, мурожаат бўлганлиги учун бизни пахтага олиб боришган. Хореография мактаби ўқувчиларига вазнни бир меъёрда сақлаб туриш кераклиги боис, ҳаддан ортиқ тўйиб овқатланиш, нон ёки шу каби калорияли маҳсулотларни ейиш ман этилади. Шу боис пахтага боргач, ҳеч нарсани ўйламай, мазза қилиб нон еганим ҳамон ёдимда. Пахта териб бўлгач, кечки пайт концертлар, кўнгилочар дастурлар уюштириларди. Аммо у даражада қийналмаганмиз, ўйин-кулги қилиб қайтиб келганмиз. Ўшанда илк маротаба пахта теришнинг ўзига яраша машаққатини билганман.

Ўзбекистон Халқ артисти Меҳри Бекжонова: "Мен пахтада шеф повар эдим..."

"Маннон Уйғур" номидаги Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтининг 3-курсида ўқиб юрган пайтларим пахтага концерт дастури тақдим этиш учун борганмиз. Чунки театр чолғучилари ёки қўшиқ куйлайдиган асртистларни совуқда оёғидан зах ўтиб, томоғи бўғилиб қолади, деб пахта тергизишмаган. Аммо мактабнинг 6-синфида ўқиб юрган пайтларимда далага чиқиб пахта терганимиз ёдимда. Илгари билсангиз, совуқда ҳам пахта териш жуда авжида бўлган. Биз ноябр, декабр ойларигача пахта терар, кеч тушгач дарёнинг нариги томонига кемалар орқали ўтиб, дала шийпонларида ётиб қолардик. Юқори синф бўлгач эса мен далада ишлаганман. Пахта терганим эвазига олган пулларим ҳам эсимда. Терим ниҳоясига етиб, йил якунида ҳисобот олардик. Ўша пайтларда колхоз идораси бўларди, шу ёққа бориб, терим ҳақига 322 сўм олганман. У пайтда бу пулнинг қиймати катта бўлган. Далада кўпинча мени "қўли ширин" деб ошпаз қилиб қўйишар, ҳар куни учта синф учун овқат пишириб "шеф повар" бўлиб кетганман. Шунингдек, яхши теримчи бўлганим ҳам эсимда, 100 кг, 80 кг, баъзида  кеч тушгунча 100 килодан ошириб ҳам пахта терганман. Яхши теримчи деб мени атай пахта кўп бўлган эгатларга туширишарди. Яхши теримчиларга совғалар, мукофот пуллари беришарди. Этак-этак оғир, сувли кўсакларни ҳам териб, уйга олиб келиб, чувир эдик. Чувилган пахталарнинг суви қуригач, колхозчилар олиб кетишарди.

Денежные купюры: евро и доллары - Sputnik Ўзбекистон
Пахта териш машиналарини сотиб олиш учун кредитлар ажратилади

Яна бир нарса эсимга тушиб кетди, бир гал одатдагидек учта синф ўқувчилари учун овқат тайёрлайман деб қозонга ёғ солдим, ёнимдаги шерик синфдошим эса ўчоқ остига ўт қалаб турди. Унга "ҳали масаллиқлар тайёр эмас, кўп ўт қалама, ёғ ёниб кетади" дейишимга қарамай, қулоқ солмади ва ўтиннинг ёнишига қизиқиб, ўчоққа ўт қалайверди. Шунда кутилмаганда қозондаги ёғ гуриллаб ёниб кетса бўладими, уч синф тушликсиз қолиб кетган. Ўқувчилик пайтимда ўғил бола феъл-атворли қиз бўлганман (кулади), ҳалиги болани роса калтаклаганман.  Теримдан чарчасак, катта-катта дарахтларга чиқиб олиб ўтирардик, ёки бир биримизнинг исмимизни абадийлаштириб, М+Г, Л+Н = дўстлар деб ёзиб қўярдик. Ҳали ҳам ўша дарахтлар қолганмикан, билмайман....

Ўзбекистон Халқ артисти Рихси Иброҳимова: "100 кг пахта тераман деб эгат ичида адашиб қолдим..."

1955-1956 йилларда Бўка туманига пахта тергани бориш учун ҳозирги Алишер Навоий кинотеатри жойлашган ерда йиғилганмиз. Ҳамма хурсанд, қий-чув... Ўшанда Маннон Уйғур номидаги театр ва рассомчилик институтининг 1-курсида ўқир эдик. Кимдир ўзи билан қоп олган, кимдир матодан этак олиб келган. Адашмасам октбяр ойлари эди... пахталар эгатларда бўйимиз баравар баланд-баланд бўлиб ўсарди, ичига кирсак, бошимиз кўринмай кетарди. Эгатларда адашиб кетмаслик учун бошида ўсган пахталарнинг устига белги қўйиб кетардик. Терим вақтида ким кўп терарга мусобақа ўйнардик, шу боис 20-30 кило пахта терган одам учун бу шармандалик эди. 100 кило терганларни эса кечга йиғилиб, номини эълон қилишарди. Пахта териш жуда қийин бўларкан, тирноқларимизнинг ичигача тикан кириб, қўлларимиз қавариб, қонаб кетарди. У пайтларда кунлар ҳозиргидек совуқ бўлмаган экан, биз шляпаларни кийиб олиб, пахта терар,  эгатлар орасида онда-сонда дуч келган тарвуз ёки қовуннни қавариб, кир бўлиб кетган қўлларимиз билан ёриб, эгат ичида еб ўтирардик.

Пахта-2020: меҳнат ҳақи, имтиёзлар ва шарт-шароитлар - Sputnik Ўзбекистон
Пахта: меҳнат ҳақи, имтиёз ва шарт-шароитлар

Этакларимиз пахтага тўлиб, тиззаларимизгача осилиб қолар эди. Мен узоғи билан 50 килогача пахта терардим. У пайтларда қанча пул тўлашган эслолмайманку-я, лекин агар ейдиган овқатимизнинг ҳақига етмаса, шу пулдан ушлаб қолишарди. Кўпинча шўрва билан боқишган. Қопларда бўлка нон олиб келишар, устидаги "гарбушка"си қисир-қисир қилиб, ширин бўларди. Биз ана шу нонларни шўрвага бўктириб, мазза қилиб ер эдик. Ҳозир гўштнинг нархи саксон минг сўм бўлса, ўша пайтларда биз гўштсиз умуман овқат емаганмиз.

Яна эсимда, ҳамманинг уйидан совға-саломлар, озиқ-овқат, кийим-кечаклар  келиб турарди. Пайпоқларимиз йиртилиб, уйдан келган пайпоқларни кийиб олардик, қалин рўмолларни белимизга боғлаб олиб жавлон уриб, пахта терардик. Юзларимиз қорайиб, совуқда ёрилиб, тилиниб кетган. Теримдан қайтгач қўйхона, молхонада қатор қилиб ўрин солиб ҳаммамиз ўша ерда ётиб ухлардик.

Сбор урожая хлопка в Ставропольском крае - Sputnik Ўзбекистон
Айрим туманларда қўлда терилган пахта учун устама ҳақ тўланади

Энг кўп пахта терганларни исм фамилясини узун рўйхат қилиб ёзиб қўйишарди. Шунга қизиқиб, мен ҳам 100 кило қилиб тераман деб эгатга тушволдим. Тўлган этакни эса эгатнинг ҳар жойида тўкиб кетавердим. Шом тушиб, ғира-ширада ҳамма ортига қайтса ҳам мен қайтмадим. Охири чарчаб,  қайтаман десам, терган пахталаримни эгатнинг қайси жойларига қолдирганимни эслолмай адашиб қолганман.  Эртасига бир амаллаб пахталарни қолган жойлардан топиб ўлчасак, 98 кг терган эканман. Шунда, икки кг пахтани ўзларидан қўшиб ёзишиб, кечки пайт, "мана Рихси қизим 100 кг пахта терди" деб эълон қилган.

Аъзам Обид (Шоир ва таржимон): "Табелчи бўлсам-да, адолатли эдим..."

Мен 1991 йилда Наманган давлат университетида ўқиб юрган пайтларимда пахта теримига борганман. Кўпчилик пахта териш қийин дейди, лекин мен учун бу жуда қизиқарли ва завқли иш эди. У пайтларда мажбурлаб пахтага олиб бориш деган гап йўқ эди. Кўпчилигимиз китобсевар бўлганмиз, пахта териш баҳонасида китоб ўқиб, қизиқарли саҳна кўринишлар тайёрлаб кўнгилочар базмлар уюштирардик. Мисол учун қишда қор ёққан пайтларда қийин эди, азонда ҳам пахта терган пайтларимиз бўлган. Баъзилар пахтадан қочишга уриниб касаллиги тўғрисида сохта маълумотномалар тайёрлаб олиб боришса кулар эдим. Чунки ўзим "пахтага" деса "лаббай" деб биринчилардан бўлиб борардим. 3-4 курс талабалик даврим... қизиқиб, 100 килодан ортиқ пахта териб,  қўлларим ёрилиб қонаб кетган пайтлар ҳам бўлган. Курсдошларим хайрон қолишарди, сен шаҳарлик бўлсанг, қандай қилиб пахтани бунча яхши терасан деб. Ўқишни битиргач, ҳамма ҳаётда ўз йўлини топиб кетди. Лекин пахта теримининг битта яхши томони шу эдики, терим баҳонасида талабалар жипслашарди, ҳамма битта ота-онанинг фарзандларидек, иноқ, қалин дўст бўлиб кетарди.  

Текстильное производство в Узбекистане - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси тузилмоқда

Овқатларнинг сифати ўз йўлига, лекин концертлар, дискотека, КВНлар уюштирилар, маданий ҳордиқ чиқариб, зерикиш у ёқда турсин, чарчоқ нималигини унутар эдик. Яна қизиқ ҳолатлардан бири,  пахтани кам терганлар хазиллашиб ёки атай этак ичига тош, кесак солиб, оғирроқ қилиб кўрсатиш деган гаплар ҳам бўлиб турарди. Мен ўзим оқ нарсага қора нарсани қўшишни ёқтирмаганим учун бунақа иш қилмаганман, пахтани ҳаққоний терганман. Қолаверса, табелчи бўлганим учун аввало ўзим эгатга тушиб кетиб, бошқаларга теримни бошлаб берардим, "мен табелчиманку, назорат қилсам бўлдида" дея бўш ўтирмас эдим.

Янгиликлар лентаси
0