ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Навоий вилояти Учқудуқ туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида икки киши қурбон бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилди.
ЙТҲ 22 сентябрь куни Учқудуқ тумани худудидан ўтган А-379 йўлининг 282 км.да содир бўлган. 21 ёшли “Lacetti” ҳайдовчиси ҳаракатланиб кетаётганида бошқарувни йўқотиб, қарама-қарши йўналишга чиқиб кетган. Бунинг оқибатида ушбу йўналишда ҳаракатланиб келаётган 24 ёшли Ж.Ж.нинг бошқарувида бўлган “Nexia” билан тўқнашиб кетган.
Натижада “Nexia” автомашинада бўлган йўловчилар 26 ёшли С.М. ва 57 ёшли Р.Д. (аёл) лар ҳодиса жойида вафот этган. Яна 3 нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббиёт муассасасига ётқизилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 266-модда 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.