ИИББ Юнусободда тунги клуб ёнида юз берган пичоқбозлик тафсилотларини очиқлади

Oбуна бўлиш
Келишмовчилик икки гуруҳ йигитлари орасида келиб чиққан. 8 кишидан иборат бўлган биринчи гуруҳ орасида икки нафар қиз ҳам бўлган.

ТОШКЕНТ, 22 сен — Sputnik. Тошкент шаҳар ИИББ Юнусободда тунги клуб ёнида юз берган пичоқбозлик юзасидан қўшимча тафсилотларни тақдим этди.

Хабарда ёзилишича, 20 сентябрь куни эрталаб соат 6:00 атрофида патруль-пост хизмати ходимларига Амир Темур кўчасидаги тунги клуб ёнида муштлашув юз бергани ҳақида маълумот келиб тушган. Ходимлар воқеа жойига етиб келганида пичоқ билан яраланган тўрт нафар йигитдан бири – 18 ёшли А.Г. воқеа жойининг ўзида ҳаётдан кўз юмгани ойдинлашган. Уч нафар йигит шифохонага етказилган. Шифохонада жанжалда иштирок этганлардан яна бири – 23 ёшли Д.С. ҳам ҳаётдан кўз юмган. 21 ёшли А.А. ва 28 ёшли А.Т. айни вақтда шифохонага жойлаштирилган.

Келишмовчилик икки гуруҳ йигитлари орасида келиб чиққан. 8 кишидан иборат бўлган биринчи гуруҳ орасида икки нафар қиз ҳам бўлган ва уларнинг ҳаммаси Амир Темур кўчасида жойлашган тунги клуб ёнида бўлган. 5 кишилик иккинчи гуруҳ ҳам ўша атрофда бўлган.

“Қизлардан бирининг ўз гуруҳидаги йигитга айтган гапи бошқа гуруҳдаги йигитга худди унга айтилгандек туюлган. Шу сабабли орада келиб чиққан можаро муштлашувга айланиб кетган”, – дейилади хабарда.

Аниқлик киритилишича, муштлашув давомида иккинчи гуруҳ иштирокчиси 23 ёшли С.Х. пичоқ чиқариб, тартибсиз равишда зарба беришни бошлаган. Оқибатда тўрт нафар йигит жабрланиб, улардан икки нафари вафот этган.

Нож в руке. Иллюстративное фото - Sputnik Ўзбекистон
Тошкентда фуқаро тунги клуб олдида 4 кишини пичоқлади

Воқеа жойига етиб келган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари 23 ёшли С.Х., 18 ёшли С.К., 23 ёшли Р.Х. ва яна бир неча киши қўлга олиб, ички ишлар бўлимига олиб кетган. Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (қасддан одам ўлдириш) бўйича жиноят иш қўзғатилди. Гумонланувчи тариқасида жиноий ишга жалб қилинган С.Х. қўлга олинган.

Айни вақтда келишмовчиликнинг яна икки нафар иштирокчиси С.К. ва Р.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми (безорилик) бўйича жиноий иш қўзғатилди. Мазкур шахслар ҳам қўлга олинган.

“Келишмовчиликнинг бошқа иштирокчиларини қўлга олиш бўйича чоралар кўрилмоқда”, – дейилади ИИББ ахборотида.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Юнусобод туманида фуқаро тунги клуб олдида 4 кишини пичоқлагани, пичоқланганларни икки нафар вафот этгани хабар қилинган эди.

Янгиликлар лентаси
0