ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 430 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 52 070 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 235 нафари Тошкент шаҳрида, 24 нафари Наманган вилоятида, 12 нафари Жиззах вилоятида ҳамда 10 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 437 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 48 369 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 93 фоизга етди.
Айни пайтда 3 264 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – пойтахтлик 65 ёшли З.Ч. (аёл) 46 ёшли Ҳ.И. (эркак), 62 ёшли Х.Ш. (эркак) ва 31 ёшли С.Б. (эркак) вафот этди.
Ўзбекистонда жами 437 киши пандемия қурбони бўлди.
Вакцина синовида иштирок этиш
Ўзбекистон “Вектор” маркази ишлаб чиқарган вакцина синовларида иштирок этишга қизиқиш билдирди.
Роспотребнадзор Ўзбекистон ССВ ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги билан видеоконференция орқали мулоқот ўтказди. Унда коронавирус тарқалишига қарши курашиш, “Вектор” вирусология ва биотехнология давлат илмий маркази” томонидан яратилаётган “ЭпиВакКорона” Россия вакцинасининг синовларини муҳокама қилди.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 31,0 миллиондан ошди, 960 минг киши вафот этди, 21,3 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (6,8 млн), Ҳиндистонда (5,5 млн), Бразилияда (4,5 млн).