ТОШКЕНТ, 18 сен – Sputnik. Фуқаролик кодексига шахсий фотосуратдан рухсатсиз фойдаланишни таъқиқлашга доир янги модда киритилишини - Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти директори Аъзам Мадаминов изоҳлаб берди.
Эслатиб ўтамиз, бироз олдин Фуқаролик кодексининг янги таҳририга фуқаронинг ўз тасвирига бўлган ҳуқуқи ҳимоясига доир модда киритилиши жамиятда фаол муҳокамага сабаб бўлган эди. Айрим ОАВларда ушбу модда давлат хизматчиларини ҳимоя қилишга қаратилган деган фикрлар ҳам айтилди.
ЎЗбекистон Фуқаролик кодексига киритлаётган янги моддада, умумий қоида тариқасида - ҳар қандай фуқаронинг фото ёки видео тасвиридан фойдаланиш учун унинг розилиги талаб қилинади, дейилган.
Ушбу қоидадан истиснолар, яъни розилик талаб этилмайдиган ҳолатлар:
1.Тасвирдан давлат ёки жамият манфаатлари учун фойдаланилганда:
- жиноятчи ёки бедарак йўқолганларни қидиришда;
- давлат ва жамоат арбоблари, маданият ва илм-фан соҳаларининг таниқли вакиллари суратларини жамият учун қизиқарли ахборот тарқатиш мақсадларида фойдаланганда;
- давлат хизматчиларини хизмат вазифаларини бажариш жараёнида тасвирга тушириш ва бундай тасвирлардан фойдаланиш ҳоллари киради.
2. Оммавий тадбирларда ва жамоат жойларида ушбу жойлардаги умумий жараёнларни акс эттириш мақсадида олинган суратларда.
- Масалан: байрамларни, ресторанлардаги тадбирларни, кўчаларда содир бўлаётган воқеаларни тасвирлаш учун.
3. Ушбу фуқаронинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида. Ушбу мақсадда олинган суратлар учун ҳам рухсат талаб этилмайди. Ушбу суратлардан фуқаронинг ўзи ҳам фойдаланиши мумкин бўлади.
Қандай жавобгарлик белгиланган?
Фуқаро суратидан мақсадга номувофиқ фойдаланганда фуқаролик ҳуқуқий характерга эга бўлган жавобгарлик келиб чиқади. Маъмурий ёки жиноий жавбогарлик келиб чиқмайди. Яъни “жабрланган” фуқарол ўз тасвирини фотоаппарат ёки мобил телефондан ўчириб ташлашни, ОАВ ёки рекламадан олиб олиб ташлашни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади.
Замон талаби
Ҳуқуқшунос фикрига кўра, ахброт коммуникация ривожланган даврда фуқаро шахсий ҳаётига доир маълумотларни ҳимоя қилиш жуда муҳим.
“Фуқаронинг тасвирини ҳимоя қилиш бугунги ахборот коммуникация ривожланган даврда жуда муҳим. Чунки, ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг тасвирларидан фойдаланган ҳолда уларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи, оилавий ва шахсий сирини ошкор этувчи маълумотлар тарқатиш ҳоллари кам эмас. Оқибатда, жамиятда фуқаролар ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда”, - дейди ҳуқуқшунос.
Мадаминов айтишига кўра, Ўзбекистон бу каби қонунлар қабул қилишда биринчилардан эмас. Шунга ўшаш талаблар Европа, Россия ва Қўшни Қозоғистон қонунчилигида ҳам назарда тутилган.