ТОШКЕНТ, 17 сен - Sputnik. Ўзбекистон gрезиденти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон бош вазири Нарендра Модига 70 ёшга тўлиши муносабати билан самимий қутловларини йўллади, деб хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.
"Президент ўз мактубида Ҳиндистон Бош вазирига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат ва масъулиятли давлат лавозимидаги фаолиятида янги муваффақиятлар, дўст Ҳиндистон халқига эса тинчлик-омонлик ва бардавом тараққиёт тилади", - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон президенти лавозимига сайланганидан сўнг дастлабки сафарларидан бири Ҳиндистонга бўлган эди. 2018 йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган ташриф давомида Ўзбекистон президенти тантанали қабул қилинган, давлатлар орасида муҳим шартномалар имзоланган эди. Шунингдек, ташриф давомида Ўзбекистон президенти Агра шаҳридаги Бобурийлар авлоди мероси бўлган Тож-Маҳал мажмуасида ҳам бўлган эди.
Айни дамда Ўзбекистон ва Ҳиндистон орасида маданий ва иқтисодий лойиҳалар изчил ривожланмоқда. Масалан бугун Тошкентнинг Сергели туманида Ҳиндистоннинг 500 миллион долларлик сармояси ёрдамида 10 минг кишилик Minerva университети қурилишига тамал тоши қўйилди.