ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Махсус поезд рейси орқали Самарадан 938 нафар Ўзбекистон фуқаролари олиб келинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ахборот хизмати хабар қилмоқда.
Республика махсус комиссияси Ўзбекистон фуқароларини Россиянинг Самара вилоятидан олиб келиш учун “Тошкент–Кинел–Тошкент” темир йўл рейсини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, жорий йилнинг 14 сентябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди 938 нафар фуқаролар билан “Кинел” станциясидан Ўзбекистонга жўнаган эди.
Мазкур поезд айни дамда Тошкент Жанубий вокзалига етиб келди. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар автобусларда Тошкент вилоятидаги карантин зоналарига етказилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самара ва Екатеринбургдан 1681 нафар ўзбекистонлик олиб келингани хабар қилинган эди.