ТОШКЕНТ, 16 сен — Sputnik. Бутунжаҳон бокс уюшмаси (WBC) сентябрь ойи учун боксчиларнинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.
WBC бошқа ташкилотлардан фарқли равишда кучли 15 боксчини эмас, 40 нафар чарм қўлқоп устаси рейтингини эълон қилади.
Таъкидланишича, эълон қилинган рейтингдан 8 нафар ўзбекистонлик боксчи ўрин олган. Биринчи ўта енгил вазн тоифасида (-48,9) Ҳасанбой Дўсматов аввалги ойдаги каби 32-поғонада қолган.
Биринчи ярим ўрта вазн тоифасида (-63,50 кг) уч нафар ўзбекистонлик WBC рейтингида ТОП-40дан жой олган. Шоҳжаҳон Эргашев WBC рейтингида 24-поғонадан жой олган. Яна бир чарм қўлқоп устаси Анвар Туропов эса 39-ўринга жойлашган. Шаҳрам Ғиёсов эса 40-ўринни эгаллаб турибди. Шаҳрам ўтган ой ушбу рейтингда қайд этилмаганди.
Биринчи ўрта вазн тоифасида (-69,8 кг) айни пайтда WBA қитъалараро чемпионлик камари соҳиби бўлиб турган Исроил Мадримов янгилаган рейтингнинг 22-поғонасига кўтарилиб олди. Ушбу вазнда бир неча кун олдин Москва шаҳрида жанг ўтказиб, WBC Youth камарини қўлга киритган Равшан Маҳаммаджонов 40-ўринга кўтарилиб олди.
Иккинчи ўрта вазн тоифасидаги Азизбек Абдуғофуров (-76,2 кг) иккинчи ўриндан олтинчи ўринга тушиб кетган. Азизбек айни пайтда WBC Silver камари соҳиби ҳисобланади. Мазкур вазнда, шунингдек ,Бектемир Мелиқўзиев 39-поғонадан 37-ўринга кўтарилган.