ТОШКЕНТ, 16 сен - Sputnik. Давлат комиссияси имтиёзли асосда талабаликка қабул қилинганларни тасдиқлади, улар орасида спортчилар ҳам бор.
Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг баёни қабул қилинди. Унга кўра, Халқаро ва Республика олимпиадалари ғолиблари, Зулфия мукофоти совриндорлари, спорт мусобақалари ғолиблари шунингдек, Қуролли Кучлари таркибига кирувчи вазирлик ва идораларнинг офицерлар, шартнома бўйича хизмат қилаётган сержантлар ва оддий аскарлар таркибидаги, ҳарбий хизматни ўташда ҳалок бўлган, шунингдек, ҳарбий хизматни ўташда ярадор бўлган, контузия, шикаст олиш натижасида ногирон бўлиб қолган ёки касалликларга дучор бўлган ҳарбий хизматчиларнинг тегишли тавсияномаларга эга фарзандлари ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзолари бакалавриат таълим йўналишларига тест синовларисиз ва касбий (ижодий) имтиҳонларсиз давлат гранти асосида республика олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинади.
Шунингдек, Ўзбекистон президентининг "2020-2021-йилларда Фарғона вилоятининг Сўх туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Фарғона вилояти Сўх туманининг спорт соҳасидаги олий маълумотли тренерларга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида Сўх туманига 2020/2021 ўқув йилида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг "Спорт фаолияти (фаолият турлари бўйича)" бакалавриат таълим йўналишининг махсус сиртқи таълим шаклига 7 та мақсадли қабул кўʻрсаткичлари ажратилди.
Спорт вазирлиги матбуот-хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон президентининг "Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни яна-да такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонига мувофиқ олимпия спорт турлари бўйича Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва ПараОсиё ўйинлари, Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионатларида охирги уч йилда ғолиб ва совриндор (1-3-ўрин) бўлган спортчи-ўқувчилар олий таълим муассасаларига (тиббиёт бакалавриат таълим йўналишларидан ташқари) белгиланган қабул параметрларидан ташқари қоʻшимча давлат гранти асосида талабаликка қабул қилинади.
Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, халқаро тан олинган ташкилотларнинг олий таълим муассасалари рейтингида биринчи 1 000 талик рўйхатдан жой олган Россия Федерацияси олий таълим муассасаларидан республика олий таълим муассасаларига ўқишини кўчириш бўйича мурожаат этган 1 043 нафар фуқаронинг мурожаатлари қондирилади.