ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Тошкент шаҳар Яккасарой туманида олти қаторли 3 та йўл ўтказгич ва автомобиль йўли қурилмоқда. Бу ҳақда туман ҳокимлиги матбуот хизмати Sputnik нашрига маълум қилди.
Улар туманнинг КХАЙ, ТХАЙ ва Қипчоқ кўчалари оралиғида қурилмоқда.
Чўпонота кўприги энг сўнгги технологияларига кўра қурилмоқда. Бутун дунёда фаол қўлланилаётган, жаҳон стандартларига мос келадиган монолит оралиқ қурилмалари технологиясини қўллаган ҳолда қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда.
Кўприкнинг таянч устунлари 47 та, уларнинг баландлиги 13 метргача бўлиши мўлжалланган. Кўприкнинг эстетик жиҳатдан чиройли кўриниши учун устунларини махсус жиҳозлар билан безатилиши назарда тутилган. Чўпонота кўпригининг умумий узунлиги 597 метрни, боғламалари билан биргаликда 950 метрни ташкил қилади.
Кўприк қатнов қисми қопламасининг энг сўнги технология ва юқори сифатли қурилиш материалларини қўллаган ҳолда қурилиши, автомобиль ва пиёдаларнинг қулай ҳаракатланишини таъминлайди.