ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ўзбекистонда 6 ой танаффусдан сўнг бугун 329 та мактаб ўқувчилари учун ўз эшикларини очди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.
“Бугун, 6 ой деганда 7 сентябрь куни 329 мактаб ўқув даргоҳини соғинган ўқувчилар учун ўз эшикларини очди”, - дейилган хабарда.
Санитария хизмати марказлари 5 сентябрга қадар мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиб, жамоага қўшимча ўқув-тренинглар ўтказган.
Мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тегишли қарор санитария эпидемиология ва осойишталик марказининг хулосаси асосида маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари томонидан қабул қилинади.
Янги 2020/2021 ўқув йили расман жорий йилнинг 14 сентябрь кунидан бошланади.
Эслатиб ўтамиз, вазирлик томонидан ўтказилган сўровномада 5 миллион 500 минг нафар ота-онадан 76 фоизи таълим жараёнини мактабга қатнаган ҳолда, яъни анъанавий шаклда олиб бориш тарафдори бўлган, 24 фоизи эса масофавий шаклда – теледарслар орқали давом эттиришни маъқул кўришган.