ТОШКЕНТ, 4 сен — Sputnik. YouTube-блогер Кристен Хэнби ўз севган қизи Джесмин билан ҳазиллашиш мақсадида у чўмилмоқчи бўлган вақтда сув тўла ваннага матолар учун мўлжалланган бўёқни аралаштириб юборди. Блогернинг ушбу ҳаракати акс этган пранк интернет фойдаланувчиларнинг аксариятини қаттиқ ғазаблантирди, деб хабар қилади РИА Новости.
Блогер видеони Instagramда эълон қилган.
Қиз ванна қабул қилишни бошлагач, орадан бир неча дақиқа ўтиб, унинг қаттиқ қичқириғи блогергача етиб келади. Шундан сўнг тезда қиз у ваннадан сочиқ ўранган ҳолатда чиқиб келади, унинг қўл ва оёқлари тўлиқ кўкиш рангга кирган эди.
Хэнби қизнинг устидан кулиб, уни "дунёдаги энг баджаҳл смурф", дея атайди.
Фойдаланувчилардан бири ушбу видеони Twitterда бўлишади ва пранкернинг бу қилиғини кулгили деб билмаслигини маълум қилади. Бу фикрни кўпчилик қўллаб-қувватлаган.
"Бу аҳмоқона ҳазил қизни ўлдириши мумкин эди. Мато учун мўлжалланган бўёқ инсон жинсий аъзолари, кўзи ёки оғзига киришига йўл қўйиб бўлмайди. Бу ўта хавфли. Қиз дарҳол шифокорга мурожаат қилмоғи лозим, чунки бу унинг соғлиғига жиддий зиён етказиши мумкин", - деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
Айримлар Хенбини қиз болага нисбатан оддий ҳурмат йўқлигида айблаган.
"Қиз унга нима қилди? Бундай нарсалар одатда ўч олиш мақсадида амалга оширилади, бундай ҳазилларни ҳеч ким шунчаки қилмайди", - дея қизиқсинашган изоҳ қолдирувчилар.
Аммо пранкер ёнини олганлар ҳам топилган.
"Ўйлайманки, шу видеони қоралаётган қизларнинг аксарияти агар йигит шу кўйга тушганида мазза қилиб кулган бўларди", - деб ёзган интернет фойдаланувчилардан бири.