ТОШКЕНТ, 3 сен — Sputnik. Туркия яқин кунларда коронавирусга қарши Россия вакцинаси синовларига рухсат бериши мумкин. Бу ҳақда Туркия соғлиқни сақлаш вазири Фахреттин Кожа маълум қилди.
“Биз Россияда ишлаб чиқарилаётган вакцина синовига сўров олдик. Ўйлайманки, яқин кунларда бунга рухсат берилади”, - деди Туркия вазири. Унинг сўзларидан РИА Новости иқтибос келтирган.
Кожанинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда Туркиянинг ўзининг иккита вакцинаси синовдан ўтмоқда.
У бундай синовлар фақат кўнгиллиларда ўтказилишини қўшимча қилди.
Коронавирусга қарши Россия вакцинаси
Август ойи бошида Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги Россия тўғридан тўғри инвестициялар фонди кўмагида Гамалея номидаги марказ мутахассислари томонидан ишлаб чиқарилган COVID-19 га қарши дунёдаги биринчи вакцинани рўйхатдан ўтказган эди. Препарат "Спутник-V" номини олди.
Ҳозирда 20 дан ортиқ мамлакатлардан "Спутник-V" вакцинасига миллиард дозада талаб келиб тушган. Россия бешта мамлакатда препаратни ишлаб чиқариш бўйича келишувга эришди. Мавжуд қувватлар йилига беш юз миллион дозагача вакцина ишлаб чиқариш имконига эга.