ТОШКЕНТ, 3 сен - Sputnik. Халқ таълими вазирлиги пандемия шароитида мактабларда анъанавий таълим жараёни қай тарзда ташкил қилинишини тушунтирди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Таъкидланишича, умумтаълим мактабларида таълим-тарбия жараёнини ташкил этишнинг вақтинчалик тартиби белгиланган.
Унга кўра, дарс машғулотлари эрталаб соат 8:00 дан кеч соат 17:30 гача ташкил қилинади.
Болаларнинг бир вақтда тўпланиб қолишларини олдини олиш мақсадида дарсларнинг бошланиши табақалаштирилган ҳолда амалга оширилади.
1-4 синфлар мактабга соат 08:00 гача, 5-8 синфлар соат 08:30 гача ҳамда 9-11 синфларнинг келиши соат 09:00 гача алоҳида эшиклардан ижтимоий масофа сақлаб, тана ҳароратини ўлчаган ҳолда амалга оширилади.
Дарслар "Синф системаси"да олиб борилади, яъни барча дарслар бир синф учун бир хонада олиб борилади.
Бошланғич синф ўқувчилари синф раҳбарлари томонидан мактабнинг асосий дарвозаси ёнида кутиб олинади ҳамда кузатилади. Ота-оналарнинг мактабга кириб чиқиши тақиқланади.
Дарслар оралиғидаги танаффуслар вақтида қўнғироқ чалинмайди, синф хоналари кўчадаги ҳаво ҳароратидан келиб чиққан ҳолда шамоллатиб борилади.