ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Қирғизистон коронавирус пандемияси сабаб ёпилган Ўзбекистон билан чегарадаги ўтказиш пунктлар ишини қайта тиклади. Бу ҳақда Қирғизистон давлат чегара хизмати хабар бермоқда.
“2020 йил 2 сентябрдан бошлаб Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ўтказиш пунктлари орқали транспорт ва фуқаролар кириш-чиқиши учун қўйилган чекловлар олиб ташланди”, - дейилган хабарда.
Республика ҳудудига чекловсиз кириш мумкин, аммо санитария-эпидемиологик талабларга қатъий риоя қилиш талаб этилади.
Икки мамлакат фуқаролари бугундан бошлаб чегарани “Дўстлик-автойўл”, “Қизил-Қия-автойўл”, “Маданият-автойўл” ва “Баймак-автойўл” ўтказиш пунктлари орқали кесиб ўтишлари мумкин.
Транспорт воситалари чегарадан “Дўстлик-автойўл”, “Қизил-Қия-автойўл”, ва “Қадамжой-автойўл” назорат ўтказиш пунктлари орқали ўтишлари мумкин.
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани кесиб ўтишдаги янги тартиб билан қуйида танишиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан Ўзбекистон фуқароларига Қирғизистонга киришга рухсат берилган эди.