ТОШКЕНТ, 2 сен — Sputnik. Пойтахтнинг Миробод туманида “Lacetti” ҳайдовчи ЙПХ ходимини уриб юборди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати хабар қилмоқда.
Йўл-транспорт ҳодисаси 1 сентябрь куни соат тахминан 19:00 да тумандаги Шаҳрисабз кўчасида содир бўлган.
Маълум бўлишича, у ерда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори сержант С.У. “Grand Mir” меҳмонхонаси олдида 25 ёшли “Captiva” ҳайдовчиси Ж.Б. тўхтатган. Ходим ҳайдовчининг ҳужжатларни текшириб бўлиб, қайтариб берган ва транспорт воситасини айланиб ўтиб, йўл четига қараб юрган.
Шу вақтда “Lacetti”ни ишончнома асосида бошқариб кетаётган 19 ёшли Т.М. бошқарувни йўқотиб, тўхтаб турган “Captiva” билан тўқнашган. Кейин ҳаракатни давом эттириб, ЙПХ ходимини ҳам уриб юборган.
ЙТҲ натижасида 30 ёшли Салим Умаров тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.
Терговга қадар текширув олиб борилмоқда. Тўпланган материаллар қонуний чора кўриш учун прокуратура органларига юборилади.