ТОШКЕНТ, 28 авг - Sputnik. Баъзи озиқ-овқат маҳсулотлари иммунитетни пасайтириши мумкин. Бу ҳақда парҳезшунос ва дерматокосметолог Ирина Лизун Sputnik радиосига берган интервьюсида айтиб берди.
Шифокорнинг сўзларига кўра, инсон иммунитетининг асосий душманларидан бири - шакар ва трансёғлардир.
"Шакарни керагидан ортиқ истеъмоли микрофлорани ўзгартириши мумкин, ахир у организмнинг иммун реакцияларини боғлаб туради. Трансёғлар, масалан, маҳсулотларни битта ёғда бир неча марта қовурганда, ўсимлик ёғлари ҳайвон ёғига ўҳшаш бир нарсага айланганида пайдо бўлади. Масалан, маргарин сариёғга ўхшайди. Трансёғлар ярим тайёр маҳсулотларда кўп, улар иммунитет функциясига салбий таъсир қилади", - дея изоҳ берди шифокор.
Бундан ташқари, таъм кучайтиргичлар, таъм ва ранг берувчилар иммунитет тизими учун фойдасиздир.
"Озиқ-овқат маҳсулотидаги ранг берувчининг ўзи салбий таъсир кўрсатолмайди. Аммо одам овқатни доим ранг берувчилар, таъм берувчилар билан истеъмол қилса, уларнинг умумий таъсири салбий бўлиши мумкин", - деб огоҳлантирди диетолог.
Шунингдек, ёғлар ва углеводларга бой бир ҳилда таомлар ҳам иммунитет учун хавфлидир.
"Энг катта минус - бу бўш калорияли озиқ-овқат. Биз одатий табиий овқатларни, турли хил кўринишда истеъмол қилсак, ўз-ўзидан биз иммунитет тизимимиз учун зарур бўлган витаминлар, микроэлементлар, антиоксидантлар, моддаларнинг барча турларини оламиз. Агар одамнинг кунлик таомномасида фақат картошка, макарон, гўшт ва бодринг бўлса, автоматик равишда витаминлар, микроэлементлар ва антиоксидантлар етишмаслиги вужудга келади. Ҳудди шу ҳолат фастфудда ҳам рўй беради. Ҳар қандай етишмовчилик иммунитет тизими учун таҳликали бўлади", - деди Лизун.
Хулоса тариқасида, диетолог таомномадан фастфуд ва ярим тайёр маҳсулотларни чиқариб ташлашга чақирди.