ТОШКЕНТ, 27 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 284 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 40 338 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 125 нафари Тошкент шаҳрида ҳамда 18 нафари Тошкент вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Соғайиш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 554 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 37 116 нафарга етди. Соғайиш кўрсаткичи 92 фоизга етди.
Айни пайтда 2 925 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Яшнобод туманида яшаган 70 ёшли А.М. (эркак), Чилонзор туманида яшаган 83 ёшли А.А. (эркак), Касби туманида яшаган 45 ёшли Ғ.Ҳ. (эркак) ҳамда Миришкор туманида яшаган 36 ёшли Қ.Р. (эркак) вафот этди.
Ўзбекистонда жами 297 киши пандемия қурбони бўлди.
Россиядан қайтган фуқаролар
Махсус поезд рейси билан мингга яқин фуқаро Россиядан олиб келинди. Россия ва Қозоғистон томони билан келишувга биноан, 23 август куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ поезди 927 нафар фуқаро билан “Первомайская” станциясидан Ўзбекистонга жўнаган эди.
Поезд бугун Наманган вилоятига етиб келди. Ушбу рейс орқали олиб келинган барча фуқаролар вилоят транспорт бошқармаси томонидан ташкил этилган автобусларда карантин зоналарига етказилди.
Беларусь компанияси ёрдами
Куни кеча Беларусь Республикасининг “BELPHARM” компанияси томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига инсонпарварлик ёрдами етказиб берилди.
Гуманитар юк таркибида вирусга қарши препарат, вирусли ва ўткир респиратор инфекцияларда қўлланиладиган дори воситалари, антигипертензив ҳамда бронхолитик препаратлар мавжуд.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 24,2 миллиондан ошди, 825 минг киши вафот этди, 15,8 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,8 млн), Бразилияда (3,7 млн), Ҳиндистонда (3,3 млн).